Йўлларимиз равон бўлсин
-
Президент қарори – амалда
Навоий вилояти ҳудудидан ўтувчи давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўллари ўзининг текис ва равонлиги бўйича республикамизнинг исталган ҳудуди билан рақобатлаша олади. Бунга эса Шерали Эшонқулов сингари “йўлсоз”ларнинг алоҳида хизматлари бор.Шерали Эшонқулов қарийб 40 йилдан зиёдроқ вақт бўлибдики, йўл соҳасида меҳнат қилади. Нурота туманида туғилиб вояга етган қаҳрамонимиз 1985 йилда меҳнат фаолиятини вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси давлат муассасасида бошлаган. 1991 йилда эса Бухоро технология муҳандислик институтини тамомлаган.
– Бошқармага мутахассис сифатида ишга қабул қилинганимдан кейин соҳада ишлаш осон эмаслигини, ҳар бир қийинчиликни енгиб ўтиш учун кишида сабр ва масъулият талаб этилишини англаб етганман, – дейди Ш.Эшонқулов. – Устозларимнинг берган кўрсатмалари, йўл-йўриқлари менинг тажрибали “йўлсоз” бўлиб етишишимга сабаб бўлган, десам адашмайман. Бунда тажрибали ва йўл соҳасида ўз даврининг етук билимдони, марҳум Жаббор ака Норматовни алоҳида тилга олган бўлардим. У киши нафақат қаттиққўл раҳбар, балки ёшларнинг ҳақиқий устози эди. Берган топшириқларини қатъий назорат қилар, билмаганларимизни эринмай тушунтирар, ўргатар эди. Шундай ўз соҳасининг етук “уста”лари борлиги учун ҳам Навоий вилояти йўллари сифати, текис ва равонлиги билан бошқа ҳудудлардан ажралиб турса керак.
-
Бугунги кунда вилоятда жами автомобиль йўллари узунлиги 9474 километр бўлиб, унинг 4017 километри умумий фойдаланишдаги йўллар ва 5457 километри ички йўллар ҳисобланади.
– 2024 йилда вилоятда барча дастурлар доирасида жами қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилиши ҳисобига 704,1 километр, шундан 581,5 километр асфальт, 122,6 километр шағал қопламали автомобиль йўллари ҳамда уларда жойлашган 17 дона кўприк иншоотлари тикланди, – дейди вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Алишер Ҳалимов. – Ўтган йилда Инвестиция дастури доирасида 3 та объектда 35 километр автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция ишлари бажарилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига биноан 20,8 километр автомобиль йўллари реконструкция қилинди ҳамда таъмирланди.
Жумладан, 4Р57 “Қизилқум халқа” автомобиль йўлининг 0-8 км қисми реконструкция қилиниб, Зарафшон дарёси устидан ўтувчи А379 “Навоий-Учқудуқ (Зарафшон шаҳри орқали)” автомобиль йўлининг 2,4 километрида жойлашган 85 погонометрлик кўприк мукаммал таъмирланди ва фойдаланишга топширилди. Ҳозирда аҳолини бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган Кармана тумани Боғишамол маҳалласини шаҳар маркази билан боғловчи темир йўл устидан ўтувчи йўл ўтказгичнинг қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, туризм объектларига олиб борувчи 12,8 километр автомобиль йўллари ва 1 дона кўприк таъмирланди. Тизим корхоналарига 69 дона йўл техникаси ва жиҳозлари харид қилинди.
-
Ҳозирда юртимизда йўл қурилиши ҳамда техник назорат ишларини маҳаллий пудратчилар – хусусий тадбиркорлар ва маҳаллий муҳандисларга топшириш амалиёти жорий қилинмоқда. Тажриба тариқасида 4Р183 “Малик темир йўл станцияси - Бўстон қишлоғи” йўлининг Қизилтепа туманидан ўтган 25-45 километр қисмини эксплуатaция қилиш учун пудрат шартномаси асосида “SARMAZOR TRANS” МЧЖга берилди.
Ҳеч кимга сир эмас, ички йўлларни таъмирлаш аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммолардан ҳисобланади. Биргина 2024 йилнинг ўзида 287,9 километр, Маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 40,2 километр, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан эса 24,8 километр ички йўллар таъмирланди. “Ташаббусли бюджет” дастурининг 1- ва 2-мавсумида 46 та объектда 98,3 километр ички йўллар тўлиқ таъмирдан чиқарилди. 122 километрдан узунроқ тупроқ йўллар шағал қопламага ўтказилди.
– Маҳалламиз вилоят марказидан қарийб 110 километр узоқликда жойлашган, – дейди Нурота туманидаги Бўстон маҳалласи раиси Эшмуҳаммад Сафоев. – Маҳаллада 6 та қишлоқ мавжуд бўлиб, қарийб 2800 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 4 та мактаб, 1 та тиббиёт пункти мавжуд. Қишлоқларимиз тоғ олди ҳудудда жойлашган бўлиб, кўчалар тупроқ кўчаларидан иборат, ёзда чанг, қишда эса лой.
-
Ёғингарчилик кунларида кўчаларда умуман юриб бўлмасди. Бу аҳолининг ҳаракатланиши учун доимо ноқулайликлар туғдириб келган. Бугунги кунда қишлоқларимиздаги тупроқ кўчалар шағаллаштирилди, мактабларга борадиган йўллар асфальтлаштирилди.
Йўл тартибни ёқтиради, дейишади. Маълумотларга кўра, автотранспорт воситалари томонидан йўл транспорт ҳодисаларининг содир этилиши таҳлил этилганида, аксарияти йўлларнинг нотекислиги, ҳайдовчиларнинг тезликни ошириб, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасликлари сабаб қилиб кўрсатилган.
Юртимизда йўл ҳаракатини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш ва йўл ҳаракати иштирокчилари учун қулай шароитлар яратиш борасида мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2023 йилнинг 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
-
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида транспорт ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатини ташкил қилиш учун умумий фойдаланишдаги йўлларга 1485 та йўл белгилари, 21 дона йўналишларда дастлабки, йўналтирувчи ва масофа кўрсатувчи йўл кўрсаткич, 11 дона светофор, 2 дона йўл кўрсаткичларини акс эттирувчи электрон табло, аҳоли пунктларида йўлларни сунъий ёритиш чироқлари, аҳоли пунктларидаги кесиб ўтиш белгиланмаган жойларда 3 километр узунликдаги пиёдалар ҳаракатини чекловчи панжаралар ўрнатилди. Шунингдек, аҳоли пунктларида пиёдалар учун 32 километр узунликдаги тротуар ва велосипед йўлаклари қурилди.
Албатта, олиб борилаётган ишларнинг барчаси “Инсон қадри учун” тамойили асосида йўлларда пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг хавфсиз ва бехавотир ҳаракатланишлари учун амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.
-
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири